Абу Мансур ал-Мотуридий
Тўлиқ исми шарифлари — Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий ас-Самарқандий.
Мотурид — Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирининг номи. У ҳозирда бузилган шаклда Матрит дея аталади. Аслида эса, манбаларда айтилишича, қишлоқнинг номи арабча «Мо турид?» сўзидан олинган. Ма’носи «Нима демоқчисан?»дир. Айтишларича, Шайх Абу Мансур калом илмига ружу қилган пайтларида шогирдлари кўпайиб кетган ва улар ўзаро баҳс қилганларида бир-бирларига араб тилида кўпинча «Мо турид?» деб мурожаат қилганлар. Шу сўз кўпчилик қулоғига тез-тез чалинавергач, Шайх шогирдларини мотуридийлар, қишлоқ номини эса Мотурид деб атай бошлаганлар (Зарнужий. «Та’лим ал-мута’аллим» шарҳи).
Насаблари Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларида ўз уйидан жой берган машҳур саҳобий - Абу Айюб Холид ибн Зайд ибн Кулайб ал-Ансорий ҳазратларига бориб етади, деб нақл қиладилар. Бу нисбатни ба’зи муаррихлар рад этганлар.
Туғилган йиллари ҳақида тарихий манбаларда қат’ий ма’лумот ё‘қ, лекин тақрибий ёки тахминий саналар берилган. Масалан, унинг аббосий халифалардан Мутаваккил (232-247ҳ.) даврида яшаганлари аниқ. Яна, Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий (ваф. 248 ҳ.) ва Насир ибн Яҳё ал-Балхий (ваф. 268 ҳ.) каби устозларидан сабоқ олганликларини назарда тутилса, Шайхнинг туғилган йилини 238 ҳ. деб тахмин қилиш мумкин.
Лекин бошқа манбада, аниқроғи «Ислом» қомусида туғилган йиллари 870 милодий йил деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йилда таваллудларининг 1130 йиллиги нишонланди. Бу ҳисобга кўра, Шайх таваллудлари 257 ҳ. йилга тўғри келади.
Вафот этган саналари тўғрисидаги ма’лумотларнинг энг ишончлиси 333 ҳ.й. ҳисобланади. Бу милодий сана бўйича 944 йилга тўғри келади.
Мотуридия уламоларининг энг машҳурларидан Абу Муин ан-Насафий (438-508 Ҳ./1046—1114 м.) ўзларининг «Табсиратул-адилла» китобида шундай ёзадилар: «Абу Мансур Мотуридий вафот этганларида яқин шогирдларидан бири Абул-Қосим ал-Ҳаким унинг қабр тошига қуйидаги битикни ёздирган экан:
Я’ни: «Бу қабр нафаслари миқдоридаги илмларни ўзида жам этган, бор кучини у илмларни тарқатиш ва ўргатиш билан тугатган, бас, шунинг учун диний асарлари мақтовга сазовор бўлган ва ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотнинг қабридир».
Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг қабри Самарқанд шаҳрининг Чокардиза қабристонида эканлиги ишончли манбалар ва илмий тадқиқотлар асосида ўз тасдиғини топди. Шунга биноан 2000 йилнинг май ойида О’збекистон мусулмонлари идораси томонидан бу хусусда махсус фатво чиқарилди.
Илмий унвонлари:
— Имомул-ҳудо (Ҳидоятга элтувчи имом);
— Қудвату Аҳлис-сунна (Аҳли Суннат пешвоси);
— Мусаҳҳиҳу ақоидил-муслимин (Мусулмонлар ақоидини ислоҳ этувчиси);
— Имомул-мутакаллимин (Калом илми олимларининг пешвоси);
— Рабибу Аҳлис-сунна (Аҳли Сунна вал-Жамоа тарбиясини олган);
— Ал-Имом аз-Зоҳид (Дунёни тарк этган имом);
— Аш-Шайх ал-Имом ва ҳоказо.
УСТОЗЛАРИ (шайхлари)
Шайх Абу Мансур Мотуридийнинг устозлари ёки шайхлари Имом А’зам Абу Ҳанифа — Нў‘мон ибн Собитнинг шогирдлари ҳамда шогирдларининг шогирдлари бўлганлар. Улардан ба’зиларини эслатиб ўтамиз:
1. Абу Наср ал-Иёзий (Аҳмад ибн Аббос). Бу зот Абу Бакр Аҳмад ибн Ишоқ ал-Жузжонийдан та’лим олганлар. Шайх Абу Мансур ҳам фиқҳ дарсида Абу Насрга шерик бўлиб, ал-Жузжонийда ўқиганлар. Ал-Иёзий сомонийлар даврида дорул-ҳарбда асир ҳолида турк диёрида шаҳид бўлганлар («Тарихи Самарқанд»дан).
2. Муҳаммад ибн Муқотил ар-Розий. Рай шаҳрининг қозиси бўлган бу зот Абу Ҳанифанинг шогирди — Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Шайбонийда ўқиганлар. Машҳур муҳаддис саҳобий Ваке’ ва бошқалардан ҳадис ривоят қилганлар. Имом Бухорий ҳам ундан ҳадис тинглаганлар. Ҳаким Термизий ҳам у зотдан ҳадис ривоят қилганлар. Вафотлари тўғрисида 248 ҳ. ва 242 ҳ. йил каби саналар кўрсатилган.
3. Абу Бакр Аҳмад ибн Ишоқ ал-Жузжоний. Бобосининг исми Субҳ ёки Субайҳ эканида муаррихлар ихтилоф қилганлар. Бу зот фиқҳ илми усуллари ва фуру’лари соҳасида, шунингдек, анвои фунунда юқори даражаларга эришганлар. «Ал-Фуруқ ват-Тамйиз», «Тавба» ва бошқа китоблар муаллифидирлар.
Абу Бакр ал-Жузжоний Абу Ҳанифанинг йирик шогирдларидан Муҳаммад ибн Ҳасан ҳузурида дарс тинглаган Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан сабоқ олган. Вафотлари 268 ҳ. йилда.
4. Насир ибн Яҳё ал-Балхий. Бу зот ҳам мазкур шайхлари каби Абу Сулаймон ал-Жузжоний, Абу Муте’ ал-Ҳаким Абдуллоҳ ал-Балхий ва Абу Муқотил Ҳафс ас-Самарқандийдан сабоқ олган ҳанафий мактабига мансуб фиқҳ ва калом уламоларидандир. Вафотлари 268 ҳ. йилда воқе’ бўлибдур.
ШОГИРДЛАРИ
Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари ақида фанидаги сунний - ҳанафий ё‘налишини давом эттириб, кўп изланишлардан кейин мотуридия мактабига асос солдилар. Шу аснода кўплаб шогирдларини етиштириб чиқарганлар. Қуйида улардан ба’зи машҳурлари тўғрисида қисқача ма’лумот берамиз:
1. Абул-Қосим Ишоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил ибн Зайд ал-Қозий — ал-Ҳаким ас-Самарқандий (вафоти 335 ёки 342 ҳ. й. Чокардиза қабристонига дафн этилган).
У Шайх Мотуридийнинг энг йирик шогирдларидан бири бўлиб, тасаввуф илмини Балх машойихларидан, фиқҳ ва калом илмини Шайх Абу Мансур ҳазратларидан олган. Узоқ вақт Самарқандда қозилик вазифасини ўтаган.
Асарларидан «Саводи а’зам», «Имон» рисоласи машҳурдир.
2. Абул-Ҳасан Али ибн Саид ар-Рустуфағний ас-Самарқандий. Ҳанафия фиқҳи ва усули бўйича шуҳрат қозонган. У билан устози Шайх Мотуридий ўртасида мужтаҳид хатосига оид масалада ихтилоф кечган. «Иршодул-муҳтадий», «Аз-завоид вал-фавоид», «Ал-ас’илату вал-ажвиба», «Баёнус-Суннати вал-Жамоа» каби асарлар муаллифидир. Вафоти 350 ҳ./ 961 м.й.
3. Абу Муҳаммад Абдул-Карим ибн Мусо ибн Исо ал-Паздавий. Насафдан олти фарсах узоқликдаги Пазда ёки Паздава қишлоғидан. Асосан, фиқҳ илмида машҳур бўлган. Унинг зурриётидан йирик мотуридия уламолари дунёга келган. Масалан, Абул-Юср ал-Паздавий (вафоти 493 ҳ./1100 м.й.), Абул-Ҳасан ал-Паздавий (вафоти 482 Ҳ./1089 м.й.) шулар жумласидандир. О’зи 390 ҳ./999 м. йилда вафот этган.
4. Абу Аҳмад ибн Аби Наср Аҳмад ибн ал-Аббос ал-Иёзий. Абу Мансур ҳазратларининг устозлари Абу Наср ал-Иёзийнинг ўғли. Фиқҳ, нутқ, иффат ва тақвода беназир бўлгани ҳақида нақл қилинади.
5. Абу Абдир-Раҳмон ибн Абил-Лайс ал-Бухорий. Калом ва фиқҳ илмларини Абу Мансур ҳазратларидан олган. У Абул-Қосим ал-Ҳаким ас-Самарқандий билан кўп вақт биргалиқда таҳсили илмда бўлган.
МОТУРИДИЯ УЛАМОЛАРИ
1. Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий. Абул-Юср Муҳаммад ал-Паздавийнинг акаси. Иккиси ҳам Шайх Абу Мансурнинг яқин шогирдларидан саналмиш Абдул-Карим ал-Паздавий авлодидан. Абул Ҳасан 483 Ҳ./1089 м. йилда вафот этган.
2. Абул-Юср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Абдил-Карим ал-Паздавий. Ал-Крзий ас-Садр деган унвон билан танилган. 421 ҳ. йилда туғилган. Имом Киндий каби файласуфларнинг фалсафасини ва мў‘тазилийлар ёзган китобларни ҳатто уйда сақлаш ҳам зарарли деб билар эди. Зеро, уларни мутолаа қилиб кўриб, шундай хулоса ҳосил қилганди. Ҳатто, Абул-Ҳасан Аш’арий китобларини ҳам хатоларини ажрата олмайдиган кишилар ўқиши дуруст эмас деб билар эди. Усул ва фуру’ бобида кўп китоблар тасниф этган. Самарқандда қозилик қилган ва ҳадис илмидан дарс ҳам берган. «Усул ад-дин», «Ал-Мураттиб», «Ал-Воқеот», «Ал-Мабсут» каби асарлари бор.
Шогирдлари Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ан-Насафий, Усмон ибн Али ал-Пойкандий, Аҳмад ибн Наср ал-Бухорий, ўз ўғли Қозий Абул-Маолий Аҳмад ва бошқалар. 493 ҳ. йилда вафот этган.
3. Абул-Му’ин Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Му’тамид ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Макҳул Абил-Фазл ан-Насафий. 438 ҳ. да туғилиб, 508 ҳ. йилда вафот этган. Устозлари нома’лум. Шогирдлари - Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий, Маҳмуд ибн Аҳмад ас-Соғаржий, Абдур-Рашид ибн Аби Ҳанифа ал-Валволижий. Имом Г’аззолий билан Боқиллоний аш’ария ақидасининг энг машҳур ташвиқотчилари саналганидек, Абу Му’ин ан-Насафий мотуридия ақидасининг энг йирик намояндаларидандир. Китобларидан «Табсиратул-адилла», «Баҳрул-калом», «Тамҳид», «Маноҳижул-аимма» ва бошқаларни мисол келтириш мумкин.
4. Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ибн Али ибн Луқмон Нажмиддин ан-Насафий. Насафда 461 ҳ. йилда туғилиб, 537 ҳ.й.да вафот этган. У 550 нафар йирик устозлардан дарс тинглаган. Улардан Абул-Юср Паздавий, Абдуллоҳ ибн Али ибн Исо ан-Насафий, Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳасан ас-Самарқандий, Али ибн Ҳасан ал-Мотуридийларни мисол келтириш мумкин. Устоз ва шайхлари тўғрисида алоҳида бир китоб ҳам та’лиф этган.
Шогирдларидан — ўз ўғли Абул-Лайс Аҳмад ибн Умар, Муҳаммад ибн Иброҳим Тўрпуштий, Умар ибн Муҳаммад ибн Умар Ақилий ва бошқаларни зикр этиш мумкин.
У юзга яқин асарлар ёзган. «Ат-тайсир фи тафсирил Қур’он», «Шарҳи Саҳиҳи Бухорий», «Ал-акмал ал-атвал фит-тафсир», «Китобул-қанд фий уламои Самарқанд», «Тарихи Бухоро», «Ал-ақоид ан-насафия» рисоласи кичик ҳажмда бўлишига қарамай, ҳозирги кунгача ақида фанида энг машҳур қўлланма вазифасини бажариб келаётир.
5. Абул-баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд ан-Насафий. Насаф шаҳрида туғилиб, 701 ҳ. йилда вафот этган. Машҳур асарлари — «Мадорикут-танзил» тафсири, фиқҳга доир «Канзуд-дақоиқ» китоби, «Ал-Вофий» ва «Ал-Кофий» ва бошқалар.
6. Аҳмад ибн Аби Бакр Нуриддин ас-Собуний ал-Бухорий 580 ҳ. йилда вафот этган ва Бухородаги «Етти қози» қабристонига дафн этилган. Муҳаммад ибн Абдис-Саттор ал-Кардарий унинг шогирдидир. Китобларидан «Ал-Ҳидоя фи илмил-калом» ва унинг шарҳи диққатга сазовордир.
7. Муҳаммад ибн Абдил-Воҳид ибн Абдил-Ҳамид ибн Мас’уд ибн Ҳамидиддин ибн Са’идиддин (ал-Камол ибн ат-Ҳумом) ас-Сивосий ал-Искандарий ал-Қоҳирий ал-Ҳанафий. 788 ёки 780 ҳ. йилда туғилиб, 861 ҳ. йили Қоҳирада вафот этган, исломий фанларнинг аксариятида имтиёз ҳосил қилган. «Ал-Ҳидоя» китобини Сирожиддин Умар ибн Али (Қорил-Ҳидоя) да ўқиган. Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийдан ҳадис тинглаган. Ақлу заковатда устозларини ҳам лол қолдирган.
Асарлари кўп. «Ал-Ҳидоя»га ёзган «Фатҳал-Қадир» номли шарҳи йирик тўққиз жилддан иборат бўлиб, у Камол ибн Ҳумомнинг шоҳ асари ҳисобланади. «Ал-Мусояра» китоби мотуридия ақидасига доир бўлиб, энг муҳим манбалардандир.
8. Мулло Али (Қорий) ибн Султон – Муҳаммад ал-Ҳиравий ал-Маккий (Абул-Ҳасан, Нуриддин). 1014 ҳ. йилда Макка шаҳрида вафот этган ва «Жаннатул-Муалло» қабристонига дафн этилган.
Асарлари жуда кўп. Машҳурлари - «Мишкот» шарҳи - «Мирқот», «Мухтасарул-Виқоя» шарҳи, «Фиқҳи акбар» шарҳи, «Омолия» шарҳи, «Шотибия» шарҳи, «Мавзу ҳадислар» ва ҳоказо.
Ҳуснихат соҳиби бўлганидан Али Қорий ҳар йили бир нусха Қур’они карим кўчириб, сотиб, йил давомида шу даромад билан кун кечирган.
9. Али ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Сулаймон Абу Муҳаммад Сирожуддин ал-О’ший ал-Фарғоний.
Кўплаб асарлар муаллифи. Мотуридия ақидасини назмий услубда ёзиб, уни «Бад’ул-амолий» деб номлаган. Вафоти 569 ҳ./1173 м. йилда.
10. Абуш-Шакур ас-Солимий (Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Са’ид ибн Шу’айб ал-Кеший).
Ас-Солимийнинт мотуридия ақидасига оид «Ат-Тамҳид» номли китоби уламолар ўртасида машҳур бўлиб, ёзма ва босма нусхалари бизгача етиб келгандир.
Мотуридия ақидасига асосланиб ижод қилган ва бебаҳо асарлар қолдирган уламолар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Лекин бу мухтасар рисоламизда унинг ўрнига ақидамизга оид бошқа муҳимроқ ма’лумотларни тақдим этишни ма’қул топдик.
АБУ МАНСУР АЛ-МОТУРИДИЙНИНГ АСАРЛАРИ
1. «Та’вилоту аҳлис-Сунна» ёки «Та’вилотул-Қур’он». Саккиз мужалладдан иборат бу асар Қур’они каримнинг тафсири бўлиб, унда асосан, исломий ақидага нисбатан турли қарашлар баён этилиб, мотуридия ақидаси асосида уларга баҳо берилган. Тафсирни ал-Мотуридийнинг шоҳ асари деб аташ мумкин. Унинг қўлёзма нусхалари Миср, Макка, Дамашқ, Ҳиндистон, Туркия ва Тошкент кутубхоналарида сақланмоқда. Тошкент нусхалари тақрибан 700 йил бурун кўчирилган. Асарнинг биринчи жилди Мисрда нашр этилган.
Тафсирга Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандий шарҳ ёзган. Бу шарҳ қўлёзмаси ҳануз чоп этилмаган.
2. «Китобут-тавҳид». Калом илмига оид энг муҳим асар. Мотуридия ақидасига оид барча асарларнинг энг биринчи ва асосий манбаси саналади. Асар ҳозирда ўзбек тилига ўгирилмоқда.
3. «Шарҳул-фиқҳил акбар». Абу Ҳанифа ан-Нў‘мон (Имом А’зам) қаламига мансуб ақида бобида битилган илк асар «Ал-Фиқҳул-акбар»нинг шарҳи. Ба’зи олимлар бу шарҳ Шайх Мотуридийга тегишли эмас, балки у Абул-Лайс ас-Самарқандийга мансуб дейдилар.
4. «Рисола фил-ақида». 1953 йилда Анқарада чоп этилган.
5. «Рисола фил-имон».
6. «Ал-мақолот».
7. «Баёну ваҳмил-мў‘тазила».
8. «Радду таҳзибил-жадал».
9. «Радду ваидил-фуссоқ».
10. «Радду авоилил-адилла».
11. «Раддул-усулул-хамса».
12. «Аррадду алал-қаромита».
13. «Раддул-имома».
14 «Ма’хазуш-шари’а».
15. «Китобул-жадал».
Мазкур китобларнинг охирги иккитаси фиқҳга доир, қолганлари ақидавий масалаларга бағишланган.
МОТУРИДИЯ НАЗАРИЯСИНИНГ О’РТАҲОЛЛИГИ
Аввало, шуни қайд этиб ўтиш лозимки, мотуридия ақоидини фақат Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи ихтиро қилган эмас. Балки ақоиднинг асослари, арконлари ва бандлари унгача ҳам ма’лум даражада шаклланган эди. Ақида илми тобе’инлар давридан бошлаб, я’ни ҳижратнинг иккинчи асрида мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган. Машҳур тобе’инлардан Ҳасан Басрий (21-110 ҳ.) ақида масалалари бўйича дарс айтгани, мў‘тазила оқимининг бошланиши ҳам ўша пайтда рўй бергани тарихий манбалардан ма’лум. Абу Ҳанифа (Имом А’зам) яшаган даврда эса ислом ниқоби остида турли оқим ва фирқаларнинг юзлаб турлари юзага келганди. Улар билан курашиш учун эса ақида мустаҳкам бўлиши зарур эди. Бундай долзарб масалага Абу Ҳанифа бефарқ қараб тура олмаганлар, балки ақида фанига оид биринчи асар - «Фиқҳи акбар», Усмон ал-Баттий (ал-Бустий)га ёзган раддияси, бешта васиятномасини ёзиб қолдирганлар. Демак, мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нў‘мон ибн Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) нафақат фуқаҳолар пешвоси, балки ақида ва илми каломга ҳам асос солган буюк сиймолардан бўлганлар.
Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний та’лимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олганлари ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга эканликларига ёзиб қолдирган асарлари гувоҳлик беради.
Шайх яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси — оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобе’инларнинг ижмо ва ижтиҳодлари, я’ни нақлий далиллар. Иккинчиси — ақлий далиллар. Шайх Абу Мансур эса бошқаларга тақлид қилмадилар, балки нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқардилар. Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади. Ваҳоланки, салаф уламоларининг кўпчилиги бу далилларни тан олмас эдилар, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланардилар. Шайхимиз эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда истифода этиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилган эканлар. Дарҳақиқат, нақлий далилларни яхши англаш учун ақлий далилларни ҳам пухта билиш шартлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини э’тиборга олиб, Шайх кўп жойларда инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқдириб ўтадилар. Шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ томонидан ато этилган энг буюк мислсиз не’мат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам та’кидлаб ўтадилар.
ИСЛОМ УММАТИНИНГ ОҚИМЛАРГА БО’ЛИНИБ КЕТИШИ
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) огоҳлантириб айтганларки: «Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингайлар. Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидирлар» (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бу мў‘жизавий башоратлари вафотларидан кейин ўз тасдиғини топди. У фирқалардан қадария, муржиа ва хаворижларни ўз ҳадиси шарифларида номма-ном келтириб, улардан ҳазарда бўлишни васият ҳам қилганлар.
Хулафои рошидинлар замонидан то Имом Мотуридий замонасигача, асосан, қуйидаги фирқа ёки оқимлар пайдо бўлиб, уммати муҳаммадия ўртасига тафриқа солиш ва руҳий ҳаётларини фитна ва фасод билан тўлдиришга ҳаракат қилган эдилар.
Улар — қадария, муржиа, хавориж, шиа, мў‘тазила, равофиз (рофизийлар), сабаия, зирория, жаҳмия, ботиния, қаромита, хуррамия, карромия (мужассима), жорудия, сулаймония (жаририя), бутрия, баёния, муғирия, жаноҳия, мансурия, хаттобия, ҳулулия, азориқа, нажадот, суфрия, ажорида, хозимия, шаҳбия, ма’лумия, мажҳулия, ма’бадия, рашидия, мукаррамия, ҳамзия, иброҳимия, воқифа, ҳафсия, ҳорисия, язидия, маймуния, мў‘тазила фирқаларидан — василия, амрия, ҳузалия, наззомия, мурдория, ма’мария, самомия, жоҳизия, хобития, ҳимория, хатотия, шахламия, ашоби Солиҳ қубба, марисия, ка’бия, жуббоия, баҳшамия, муржиа фирқаларидан — Абу Шимр, Муҳаммад ибн Шабиб ва Холидий фирқалари, яна муржиага — юнусия, ғассония, савбония, сумания, марисия, нажжориялардан — бурғусия, за’фарония, мустадрика, карромийлардан — ҳақоиқия, тароиқия, ишоқия.
Демак, зикр этилганлардан 20 фирқа рофизийлар, 20 фирқа хаворижлар, 20 фирқа қадарий ва муржиалар, 12 фирқа қолган нажжория, бакрия, зирория, жаҳмия, карромия каби оқимларга тақсимлаб чиқилса, умумий сони ҳадиси шарифда айтилган 72 та адашган фирқаларнинг ададига тўғри келиб қолади.
73-фирқа эса, Аҳли Сунна вал-Жамоа дея аталувчи мазкур ҳадиси шарифда қайд этилган ножия (нажот топувчи) фирқадирким, Абу Ҳанифа (Имом А’зам), Имом Молик, Имом Шофе’ий, Имом Аҳмад, Авзоий, Саврий каби буюк мужтаҳид алломалар ва уларнинг издош ва маслакдошлари унга мансубдирлар. Кенгроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу саодатманд жамоага Жаноб Расули акрам (с.а.в.) дан тортиб, саҳобаи киромлар, тобе’инлар, табаа тобе’инлар, фиқҳий мазҳабларнинг асосчилари каби мужтаҳидлар, муҳаддислар, араб тили наҳви ва адабиёти намояндалари, қироат ва тажвид ровийлари, тасаввуф шайхлари, аҳли тариқатлар, шуҳадою, солиҳу зоҳид бандалар ҳамда турли бузуқ оқимларга эргашиб, оғиб кетмаган мусулмонлар кирурлар.
МОТУРИДИЯ АҚИДАСИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ
Юқорида зикр этганимиздек, мотуридия ақидасига доир масалаларни шайх Мотуридийнинг якка ўзлари тузиб, тартибга солган эмаслар, балки ул зотга қадар ҳам Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси шаклланиб улгурган эди. Мотуридий ҳазратларининг хизматлари шундан иборат бўлганки, ўша даврдаги ақидавий оқимларнинг та’сирини қирқиш, уларнинг иддаоларига раддия бериш, кучли ва асосли далиллар билан ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, илми калом, мантиқ ва мунозара қоидаларига риоя қилган ҳолда хасмлар жаҳолатига илму ма’рифат билан жавоб қайтариб, чин ихлосли мусулмонлар учун ақидага доир муҳим қўлланмалар тайёрлаб беришни ният қилган эдилар.
Ма’лумки, Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси ўша даврда учта буюк шахс томонидан ҳимоя қилинган ва асосий рукнлари ишлаб чиқилиб, шогирдлари ва китоблари орқали мусулмонларга тақдим этилган эди. Улардан биринчиси — Абул Ҳасан Аш’арий (260— 331 ҳ.) Бағдодда, иккинчиси — Абу Жа’фар Таҳовий Мисрда ва Абу Мансур Мотуридий Мовароуннаҳрда сунний ақиданинг ҳимоячилари сифатида ислом тарихида чуқур из қолдирдилар.
Биз — мотуридийлар учун яхши билиб, доимо назарда тутиб юриш зарур бўлган бир неча муҳим масалалар бор. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Мотуридия ақидаси билан Аш’ария ақидаси ўртасида бир неча масалаларда қарама-қаршиликлар бор. Уларни ба’зи олимлар 15 та, бошқалари 40 та, ҳатто, 50 тагача санаб етказганлар. Улардан асосийлари — Аллоҳнинг сифатларини зотий ва фе’лий сифатларга бўлиш, сифатлари айни зотми ёки ғайри зотлиги, Мусо (а.с.) Аллоҳнинг каломини бевосита эшитганми ёки билвоситами, ирода билан ризо бирми ёки тафовутлими, Аллоҳни кўриш жоизлигига Аш’арий ақлий далил келтирган, Мотуридий нақлий, қабиҳ ишнинг содир этилиши бандаданми ёки у ҳам Аллоҳданми — бунга Мотуридий ҳусну қубҳ ҳаммаси Аллоҳдан, фақат беҳикмат эмас, дейдилар. Инсон ўз тоқатидан ташқари ишга таклиф этилиши мумкин, деб Аш’арий, мумкин эмас, деб Мотуридий айтадилар. Шунингдек, Аллоҳни ақл билан таниш вожибми ёки нақл биланми деган масалада Мотуридий ақл билан деганлар. Имон билан ислом бир нарса экани, бахтли ва бахтсиз инсонлар охир-оқибатда ўзгариб-алмашиб қолишлари мумкинлиги, қилинадиган яхши ва ёмон амаллар банданинг касби ва Аллоҳнинг яратиши билан ҳосил бўлиши, муқаллиднинг имони мақбул экани, имоннинг ўзи эмас, балки унинг нури, қуввати ортиб ёки камайиб туриши, имоннинг рукнлари иккита, я’ни иқрор ва тасдиқдан иборат экани, амаллар имон таркибига кирмаслиги, балки савоблар ва гуноҳлар алоҳида ҳисобга олиниши каби масалаларда Имом Аш’арий бизнинг мотуридия ақидамизнинг хилофини тақрир этганлар.
2. Мотуридиянинг мў‘тазила ақидасидан фарқлари.
Аввало, билмоқ керакким, диний фанлар қаторига калом илмининг киришига асосий сабаб шу мў‘тазила тоифасининг ақлий мунозаралари ва қаршиликлари бўлган. Улар аш’ария ёки мотуридия каби ақлни нақлий далиллардан кейинга эмас, балки биринчи ўринга қўйганлар. Ақл ва фикрни асосий манба қилиб олиб, унга тўғри келмаса, ҳатто, оят ва ҳадисларни инобатга олмай, балки нусусни ақлга бўйсундирмоқчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам Шайх Мотуридий ҳазратлари бошқа оқимларга қараганда кўпроқ мў‘тазила фирқасининг фикрларига қарши раддиялар билан чиққанлар. Уларнинг ақлий ва фикрий далилларини рад қилиш учун буюк ҳамюртимиз калом илми билан шуғулланишга тўғри келган ва у зот шу услуб билан Аҳли Сунна ақидасини ҳимоя қилишга муяссар бўлганлар.
Мў‘тазила фирқаларининг мотуридия ақидасига зид қарашлари, асосан, қуйидаги нуқталарда ўз аксини топади. Улар айтадилар:
1. Аллоҳнинг исми ва сифатлари азалий эмас, улар ҳеч қандай ма’но ва мазмунга эга эмас. Аллоҳнинг исми билан сифатлари бир нарса.
2. Аллоҳни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш мумкин эмас.
3. Қур’он — маҳлуқ. У азалий эмас.
4. Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллоҳнинг зиммасига вожиб.
5. Банданинг қудрати ва тоқати Аллоҳга боғлиқ эмас. Фе’лларни банданинг ўзи яратади.
6. Қатл этилган киши ажалидан олдин ўлган бўлур.
7. Ҳалол — ризқ, лекин ҳаром — ризқ эмас.
8. Аллоҳнинг иродаси ҳодисдир, қадим эмас.
9. Аллоҳ фақат яхшиликни ирода қилур. Ёмонлик унинг иродасидан ташқаридир.
10. Амаллар имоннинг таркибига кирур. Балки амал имоннинг асосий рукнидир.
11. Имон озайиб, кўпайиб турувчи нарсадир.
12. Гуноҳи кабира қилган мусулмон имон билан куфр ўртасида қолур.
13. Кабира эгалари дўзахда абадий қолурлар.
14. Шафоат фақат яхши одамларга нисбатан қилинур. Гуноҳларни ҳеч ким шафоат этмас.
15. Жаннат билан дўзах ҳануз яратилмаган.
16. Қабрдаги азоб ёки роҳат, қиёмат тарозуси, Пулсирот, Ҳавзи Кавсар кабиларнинг ҳаммаси ё‘қ нарса.
17. Авлиёларда ҳеч қандай каромат бўлмайди.
18. Муқаллид (бошқаларга тақлидан мусулмонман деб юрувчи одам) нинг имони қабул қилинмайди.
Зикр этилган нуқталардан кўриниб турибдики, мў‘тазила фирқаси бизнинг мотуридия ақидамизга хилоф равишда алоҳида назарияга асос солганлар. Нозик ва қалтис жойи шу ердаки, мазкур 18 бандда айтиб ўтилган нарсаларда анча-мунча ақлли, зиёлилар, ҳатто, уламолар ҳам чалғиб кетишлари ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам ўзимизнинг сунний, ҳанафий, мотуридий ақидамизга оид китобларни кўп мутолаа қилиш ва дилга жо этиш энг зарур ишлардандир.
3. Сунний-ҳанафий мусулмонлар яна шуни яхши билиб олишлари керакки, ҳанафий мазҳабимизга ҳасад қилганларидек, мотуридия ақидамизга ҳам ҳасад кўзи билан қараш, унинг ша’нига туҳмат-бўҳтон ёғдириш жараёни ҳали ҳануз тўхтаган эмас. Ақида фанига оид ёзиб келинаётган асарларни мутолаа қилиб кўрсангиз, бунинг гувоҳи бўласиз. Айниқса, араб дунёсида нашр қилинаётган асарларнинг деярли 90 фоизида мотуридия ақидасини бузиб кўрсатишлар, ҳатто, уни Аҳли Сунна жамоатига қўшмаган ҳолда зикр қилишлар, аш’ария ақидасини эса, мутлақо камчиликларини кўрсатмаслик, балки уни ягона тўғри ақида деб талқин қилишлар учраб турибди. Бунга мисол қилиб Риёзлик араб ёзувчиси Аҳмад ибн Авазуллоҳ ибн Дохил ал-Луҳайбийнинг «Ал-Мотуридия диросатан ва тақвиман» номли китоби, Доктор Маҳмуд Қосимнинг «Муқаддимат Ибнир-Рушд» китоби, Ваҳидуддинхон, Абдулҳалим Қунбус, Фатҳий Якан, Абдулжаббор («Ал-Муғний» муаллифи) каби ёзувчиларнинг асарлари, «Шарҳул-усулил-хамса» китоби ва бошқаларни келтириш мумкин.
Лекин ўзлари араб ёки ғарб ёзувчилари бўла туриб, мотуридия ҳақида инсоф билан ҳақиқатни ёзган олимлар ҳам мавжудлиги кишини қувонтиради. Бунга Шайх Мотуридий ва унинг илми каломга оид фикрлари тўғрисида каттагина бир китоб ёзган араб олими Доктор Али Абдулфаттоҳ ал-Мағрибийни, Абу Мансур қаламига мансуб «ат-Тавҳид» китобини таҳқиқ этиб, нашрга тайёрлаган олим Доктор Фатҳуллоҳ Хулайф ва немис олими Улрих Рудолфни мисол қилиб келтирса бўлади. Улар шайх Абу Мансур Мотуридий ва унинг меросини холисона баҳолаганлар.
Абдулазиз Мансур, "Ақоид матнлари" китобидан
Ctrl
Enter
Xato topdingizmi
Bizga junating Ctrl+EnterBoshqa ma`lumotlar:

“Мухтасар Фавойидир Рустуфағний” асарининг онлайн тақдимоти ўтказилди

Хушхабар: “Сунани Термизий” ҳадислар тўплами шарҳи илк бор ўзбек тилида нашр этилди

Мўминлар онаси ҳазрати Оиша ҳақида бироз...

Мусулмонлар илм-фанда қанчалик илғор бўлганини кўрсатувчи қўлёзма

Улуғбек академиясининг Ислом олами илм-фан тараққиётига таъсири

Шаъбон ойи фазилати
Izohlar (0)