БУЮКЛИК ОМИЛИ
Саҳобаларнинг буюклигининг омилларидан бири уларнинг кўз ўнгида кетма-кет ваҳий нозил бўлиб турганидир. Ҳар куни оламларнинг Моликидан янги хабарлар келиб турар эди. Саҳобалар бу рисолалар билан ҳар куни покиза бўлишар, таъбир жоиз бўлса ғусл қилишар эди. Қайсидир кунда азон машруъ бўлар, қайсидир кунда намоз фарз бўлар, бошқа бир кунда никоҳ машруъ бўлар, аёлларни тўрттагача чекланар, бошқа кунда ароқ ҳаром бўлар, қадаҳлар ерга улоқтирилар эди. Улар бу келаётган рисолаларда ўзларига боғлиқ бўлган гоҳида мубҳам, гоҳида очиқ ишораларни илғашар эди.
Масалан қуръонда “Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир”(фатҳ сураси-29) ояти нозил бўлиб унинг ортидан “Ва у билан бирга бўлганлар” ояти нозил бўлганида кишиларнинг кўзлари Абу Бакр розиёллоҳу анҳуга тикилган эди.
“Кофирларга қаттиққўл” ояти нозил бўлганида кўзлар Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу томон тикилган эди. “Ўзаро бир-бирларига раҳмли” ояти нозил бўлганида кўзлар Усмон ибн Аффон розиёллоҳу анҳуга боққан эди.
“Мўъминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бор” ояти нозил бўлганида қалбларга шаҳид Анас ибн Назр розиёллоҳу анҳунинг баҳодирлиги келган эди. Анас ибн Моликнинг кўзи эса амакиси Анас ибн Назрнинг қабрига боққан эди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар ичида энг буюк қори ҳисобланмиш Убай ибн Каъб розиёллоҳу анҳуни чақириб ундан Аллоҳ таоло ундан Баййина сурасини ўқишини сўраганини айтганларида Убай розиёллоҳу анҳунинг ҳуши бошидан учиб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳ менинг исмимни айтдими?!”, деб сўраган ва Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга “ҳа” деб жавоб берган эдилар.
Ҳа, Аллоҳ таоло уларни зикр қилар эди. Улар ҳам зеро Аллоҳни зикр қилишар эди. Улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг воситаларида Аллоҳнинг азамати ва буюклигига мос равишда доимо Аллоҳ таоло билан алоқада эдилар. Биз эса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни тушимизда бир бор кўрсак бир қанча вақт осмонларга учиб юрган бўлар эдик.
Бизга суннатни нақл қилган буюкларимизнинг даражаси шундай эди. Ёлғон уларнинг ҳатто хотирига ҳам келмас эди.
Саҳобалар исломга киришганида кунлар ниҳоятда зулматли эди. Тўғри, бугун ҳам ҳақиқий динни ушлаш ниҳоятда қийин. Аммо у кунларда бениҳоя оғир бўлган. У даврда ислом ёлғиз ва ғариб эди. Аммо саҳобалар ана шундай қоронғу ва зулматли кунларда ҳам исломнинг ёнида, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида сабот билан тура олишди. Ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муҳозаратул аброр” номли китобида келтиради:
“Абу Бакр розиёллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розиёллоҳу анҳуга бир гапни айтиб уни Али бин Абу Толиб розиёллоҳу анҳуга етказишини тайинладилар. Унда қуйидаги гаплар бор эди:
“Эй Али! Сен ақл юргизмайдиган даражада кичкина бўлган чоғингда биз кўчага чиқсак ўлим бизга кунда бир неча бор кўз тикиб турганини кўрар эдик. Ташқарига чиқсак бошимизга қилич келиб тушишидан доимо хавотирда юрар эдик. “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтган киши танасига ханжар киришини кутибгина айтар эди”.
Саҳобаларнинг даражасини улуғ қилган нарса ана шу эди. Шунинг учун уларнинг қалб кўзлари бу олам ҳақиқатларини теран кўра олган. Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Ҳорис ибн Молик масжидда ухлаб ётган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайи ва саллам уни оёқлари билан туртиб уйғотдилар ва дедилар:
-Бошингни кўтар.
Ҳорис бошини кўтарди ва: “Сизга ота-онам фидо бўлсин эй Аллоҳнинг Расули!”, деди.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
-Эй Ҳорис ибн Молик! Қандай тонг оттирдинг?
Ҳорис деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳақиқий мўъмин ҳолида тонг оттирдим.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бўлади. Айтган гапингни ҳақиқати нима?
Ҳорис деди:
-Дунёдан нафрат қилдим. Кундузлари чанқадим. Кечалари бедор бўлдим. Мен гўё Роббимнинг Аршини кўриб тургандекман. Гўё жаннат аҳлини бир-бирларини зиёрат қилиб турганларини кўриб
тургандекман. Гўё дўзах аҳлини оҳ-воҳларини эшитиб тургандекман.
Кармана тумани Қосим Шайх масжиди имом-ноиби Истамжон Хамраев
Ctrl
Enter
Xato topdingizmi
Bizga junating Ctrl+EnterBoshqa ma`lumotlar:
Izohlar (0)